close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръонда таълим олиш асослари

Инсонда нафақат бирон-бир нарсани идрок қилиш, ҳис этиш ва у ҳақида фикр юритиш, балки уни ўргана олиш қобилияти ҳам мавжуд. Билмаганини ўрганиб, йўқдан бор қилиш одамзод фитратида мавжуд. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъмати ва марҳаматидир. Инсон аввал ҳеч қилиб кўрмаган ишига қўл уриши унинг кучига-куч қўшади, комил инсон бўлишига хизмат қилади. Демак, инсон камолотга эришиш учун ҳамиша илм ўрганишга интилиши керак.

Илмнинг манбалари қаерда?
Инсон илм ва маърифатни иккита асосий манбадан олади:
1.    Илоҳий.
2.    Инсоний.
Манбалар бир-бирини тўлдиради. Иккисининг манбаси ҳам аслида Аллоҳ. Инсондаги бу иқтидор Аллоҳдан бўлиб, биронтасини инсон ўзи яратган эмас.
"Илоҳий манба" дейилганда, ваҳий, туш ва қалб орқали тўғридан-тўғри Аллоҳдан келган илм назарда тутилади.
Яшаш давомида амалда қўллаб ва тажрибада синаб, муаммоларни бартараф этиш орқали ўзгалар ҳаётини кузатиш натижасида, изланишлар ва хатога йўл қўйиш орқали тўпланган билимлар инсоний билимлар манбасидир. Аслида, барча айтиб ўтганларимиз Аллоҳдан, шундай эмасми?! Биз уларни бироз тушунарли ва соддароқ бўлиши учунгина икки манбага ажратдик, холос. Аллоҳ таоло изн бермаса, инсон буларни қаердан олади, қаердан ўрганади?!
Бундан кейин, сиз, азизлар билан айнан мана шу иккинчи манба - инсоний манба ҳақида сўз юритамиз, иншоаллоҳ.

Тил - илмнинг инсоний манбаси
Аллоҳ таолонинг инсонга берган энг катта неъмати ва ҳайвондан ажратиб турадиган асосий фарқларидан бири бу унда тил ўрганиш қобилияти мавжудлигидир.
Айнан тил фикрлашимизга асосий восита бўлиб хизмат қилади. Янги-янги маълумотларга эга бўлиш имкониятини ҳам мана шу тил беради. Биз "тил" деб айтаётганимиз она тили, рус тили ёки бошқа тиллар эмас, балки нарсаларнинг номларидир. Мана шу номлар орқали биз барча нарсалар ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Нарсаларнинг номи борлиги учун ҳам биз миллионлаб маълумотларни миямизга жойлай оламиз. Айнан шу йўсин ва шу услуб билан инсон барча илмларни англайди, уларга эга чиқади.
Демак, ҳар қандай билим ва маърифатни ўрганишнинг асоси нарсаларнинг номидир.
Ҳайвонларда ҳам ўзаро маълумот алмашиш мав-жуд. Масалан, улар ҳам турли товушлар чиқариш ёрдамида бир-бирига маълумот етказа оладилар. Лекин ҳайвонлар гапира олиш хусусиятига эга эмас.
Ёш болалар ҳам ажабтовур овозлар чиқарадилар. Уларнинг товушида ҳам маъно бор, лекин катталарнинг нутқи билан ёш боланинг овоз чиқаришини асло тенглаштириб бўлмайди. Гўдак чиқарган товуш унинг айни ўша пайтдаги ҳолатини ифодалайди. Бироздан кейин у нима бўлишини ёки ундан аввал нима бўлганини тушунтириб бера олмайди.
Тушунтириш учун нутқ ва тил бўлиши керак. Нутқ янги маълумотларни ўрганиш, янги алоқалар ўрнатиш ва янги кашфиётлар ихтиро қилишга ундайди.
Тил ўрганиш - бу тилдаги нарсаларнинг номини ўрганиш деганидир.
Шунинг учун Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга энг аввал жамики нарсаларнинг номини ўргатди. "Калималарни ўргатди" дегани "нарсаларнинг номини ўргатди" деган маънони беради. Бу номлар остида яна бошқа маълумотлар бор деганидир. Мисол учун, "от" деганимизда кўз олдимизга от, унинг боласи, онаси, ранги, кишнаши, югуриши, депсиниши ва ҳоказолар келади. Бу маълумотларнинг барчаси биргина «от» номи ичида мужассамдир.
Одам алайҳиссалом ҳам, зурриётлари ҳам шу босқичлардан ўтган эдилар. Бошқа зурриётлари ҳам шу босқични босиб ўтишга мажбур.
Инсон ёшлигидан бошлаб нарсаларни бир-бирига таққослайди, ўрганади. Маълумотлар ўта кўплигидан инсон уларни соддалаштиришга, тартиблашга, қулай қилиб олишга ҳаракат қилади. Ва буни амалга ошириш учун ўхшаш нарсаларни битта қаторга қўяди. Мақсад кўп нарсаларни кичрайтириб олишдир.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, номларни ўрганиш инсон фикрлаши учун хомашё бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун инсонга берилган биринчи буйруқ «Ўқи» бўлди. Ўқимасанг, фикрламайсан. Аллоҳ таолонинг инсонга ўқиш хусусиятини бергани, уни ўқий оладиган қилиб яратгани бошқа махлуқотлардан улуғ қилиб қўйганига далолатдир.
Ўқий олиш, ёза олиш - инсонгагина берилган неъмат. Ар-Раҳмон сурасида айтилганидек: «Инсонни яратди ва гапиришни ўргатди».

Танлаш ва қарор қабул қилишни ўрганиш
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаввога яшашлари учун лозим бўладиган баъзи бир зарур тутумлар ва йўл-йўриқларни ўргатишни истади.
Маълумки, инсон икки нарса - тупроқ ва руҳдан яралган. Улар бир-бирига ҳеч ўхшамайдиган нарсалардир. Улар турли олам: лой, яъни тупроқ, сув ва руҳ. Аксар ҳолларда бу оламлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб туради. Баъзан руҳ инсонни бир тарафга тортса, тупроқ табиати бошқа тарафга, сув табиати эса учинчи тарафга тортқилайди. Токи ўртада уйғунлик бўлмас экан, одам инсон сифатида намоён бўла олмайди. Бу уйғунликка қандай эришиш йўлларини эса бизга Яратувчининг Ўзи ўргатди. Қуръони каримда инсонга танлаш ва қарор қабул қилиш қобилияти берилгани келтирилган. Танловига яраша жавоб бериш, қабул қилинган қарорнинг масъулияти ва жавобгарлиги борлиги ҳам ўргатилди.
«"Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар», дедик. Шайтон уларни ундан оздирди ва бўлган нарсаларидан чиқарди. Ва Биз: “Баъзингиз баъзингизга душман бўлиб тушинглар, сизларга Ер юзида қароргоҳ ва бир муддат ҳузур қилиш бордир", дедик. Бас, Одам ўз Раббисидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир» (Бақара сураси, 35-37-оятлар).
Мулоҳаза қилиб кўрсак, жаннатда Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво билан бўлиб ўтган жамики ишлар (баъзи меваларни ейишга рухсат, баъзи меваларни ейишнинг тақиқланиши каби) гўёки машқ майдонида бўлаётган ўқув машғулотига ўхшаб кетади. Аввалдан кўзда тутилган Ердаги ҳаёт тарзига Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаввода муайян малакаларни шакллантириш дарси гўёки Ерда бу жуфтлик жаннатда олган дарсларига таяниб ҳаёт кечириши керакдек. Шунинг учун Аллоҳ таоло танлашни, танловига жавоб бериш масъулиятини ҳамда қарор қабул қилишни уларга жаннатда ўргатдики, Ерга тушганда уларга таянч ва машаққатларни енгиб ўтишда маёқ бўлсин. Гарчи Одам Ато ва Момо Ҳавво ерга тушишларидан бехабар бўлишса ҳам, Аллоҳ таолонинг илмида бу нарса азалдан бор бўлган. Улар ерга тушганларидан кейин турли синов ва қийинчиликларга рўбарў келишлари аввалдан маълум эди. Бундай ҳолатлар қарор қабул қилишни, танлашни тақозо этарди.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло инсонни қарор қабул қилишга ва танлашга олдиндан тайёрлади.

Акмал Мираваз
"Нур қатралари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase